Qarshi shahar, Otchopar mahallasi, Bunyod ko'chasi    +998752211986    Har kun 08:00 dan 15:15 gacha

ССВ: Қашқадарё болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги бўлимида илк юқори технологияли кардиохирургик амалиётлар ўтказилди

Бир муддат олдин Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Қашқадарёга хизмат сафари чоғида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда йўлга қўйилаётган болалар кардиожарроҳлиги бўлими фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча марказда дастлабки икки юқори технологияли операция бажарилди.

Қашқадарёда бу йўналишдаги илк операциялар туғма юрак нуқсонидан азият чекиб келган беш ёшли Умиджон ва уч ёшли Зеҳнияда бепул ўтказилди.

Уларда «Юракда очиқ юқори технологияли операция, сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида нуқсонни пластика қилиб ёпиш» амалиёти муваффақиятли бажарилди. Айни пайтда болаларнинг аҳволи яхши.

Шу пайтгача қашқадарёликлар бундай операциялар учун пойтахтга боришарди. Эндиликда уларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.